Совет даври ё мустақиллик: Ўзбеклар фикри ҳамон иккига ажралганми?

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон мустақилликка эришганида 35 йил тўлди. Ўзбекистонликлар мустақилликдан олдинги даврни қандай эслайди? Ҳозирги ва олдинги сиёсатни қандай таққослайди. BBC Ўзбек хизмати Совет тузими даврини ҳам, мустақилликдан кейинги вақтни ҳам кўрган ўзбекистонликлардан шу ҳақда сўради.

Нархлар ва коррупция

Ёшлик йиллари Совет тузими замонида ўтган отахоннинг фикрича, олдинги давр ҳозирга қараганда яхшироқ бўлган. Анонимлик шарти билан гапирган бу отахон икки даврни таққослар экан, олдинлари нарх-наволар барқарор тарзда ушлаб турилганини, мустақилликдан кейин эса улар фақат тепага қараб ўсаётганини айтди.

У ўша пайтдаги коррупцион схемалар қандай ишлагани, ўзи билан боғлиқ иш прокуратура томонидан текширилгани, шунинг учун ҳам Самарқанд-Тошкент йўналишида ойлар давомида қатнашга мажбур бўлгани ҳақида ҳам ҳикоя қилди. Бироқ унинг айтишича, Ўзбекистондаги ҳозирги коррупцион вазият олдингига қараганда анча жиддий.

Ёлғонларга тўла давр?

BBC Ўзбек билан гаплашган тошкентлик Зиёда она эса Совет даврини эслар экан, мустақилликдан кейин руҳий озодликка эришганини, шунинг учун ҳам ўша даврдаги 1 тийнлик гугуртларни ҳам қўмсамаслигини айтди.

"Мен совет фарзандиман, десам ҳам бўлади, чунки мен совет пайтида туғилганман. Лекин у пайтда шиорбозлик, ҳар доим ўзбекларнинг камситилишига гувоҳ бўлганман", дейди онахон.

Кўп ёлғонларда катта бўлганини айтган аёл болалик йилларини, мактабда ўқиган пайтларини шундай йодга олади:

"Мен мактабда ўқиганимда миллатим жуда кўп камситилган. Танловларга борганда, шунақа қўшиқлар айтишарди: "И вновь продолжается бой, и Ленин такой молодой". ("Яна жанг давом этади, Ленин навқирон"). Тушуняпсизми? Кўринг, танловларда бунақа сиёсий қўшиқлар... Ўзбекчада йўқ эди унақа қўшиқлар. Бизлар ўзбек мактабларидан борардик-да, қайтиб келардик сиғиндидек, бир сиқиндидек бўлиб", дейди онахон Тошкентда ўзи ўқиган пайтларни эслаб.

Зиёда олдинлари гугурт бир тийин турарди, деб Совет даврини мақтайдиганларни танқид қилиб, фақат иқтисодга тақаган тақдирда ҳам одамлар у пайтда яхши яшамаганини таъкидлайди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Мустақилликдан кейин руҳиятимда жуда ҳам енгиллик бўлди. Чунки мен ишлаётган пайтим, ёшлик пайтим "ўзбеклар иши", "пахта иши" пайтига тўғри келган. Ишхонада шунақанги асаббузарлик... Телевизорда "ўзбеклар иши", "пахта иши" деб бутун СССРга кўрсатилган кинолар бўларди, ҳужжатли филмлар. Шунақа руҳан эзилардик. Ўша пайтни эсласам, ҳозирги даврни мен ҳеч нарсага алишмайман", дейди у.

Онахон бугунги Ўзбекистон ҳам муаммолардан ҳоли эмаслигини тан олади, лекин уларнинг ечими ҳам ичкаридан чиқиши керак, деб ҳисоблайди.

"Майли, бизларда коррупциядир, бошқадир, секин-секин ҳаммаси жойига тушади. Лекин мен руҳий озодлигимни ҳеч нарсага алишмайман. Ўшанинг учун Совет даврини қўмсамайман.

Лекин ҳозирги камчиликлар, бошқалар — бу алоҳида масала. Нима дейди, ҳалиги "уйимиздаги нарсаларни ўзимиз жойига қўйиб оламиз" дейди-ку, шунақа нарса".

Тошкентлик онахоннинг айтишича, Ўзбекистонда мустақилликдан кейин йўл қўйилган бир камчилик шундан иборат бўлганки, яқин тарих ҳаммага етказилмаган.

"Менинг шахсий фикримча, бизлар яқин тарихни ҳаммага етказа олмадик. Мана, атеистик тузумда ўсиб, ўша ерда улғайган бўлсак ҳам, ўзлигимизни танидик. Шу яқин тарихни мактабларда ўргатиш керак. Мана ўшанда одам қадри бўлади", дейди у.