Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
Қозоғистон постсовет осмонида барчани ортда қолдирмоқчими? Видео
Минтақадан шов-шувли хабарлар олинди. Қозоғистон нима қилаяпти?
Бунақаси бўлмаган
Қозоғистон илк бор учар таксиларини йўловчиси билан бирга синаб кўрди.
Бутун минтақада биринчи бўлиб бу ишга қўл урди.
Учар таксининг илк йўловчиси Қозоғистон Нақлиёт вазирининг шахсан ўзи бўлди.
Нурлан Сауранбаев учар таксига чиқиб, унда учиб кўрди.
Имконли бўлган видеотасвирлардан вазир парвоздан мамнун қолгандек кўринди.
Бу ҳақда тайёрланган видеомизни кўриш учун қуйида илова қилинган линкни босинг:
Оламшумул қадам
Қозоғистоннинг учар таксилари дастлаб шу йилнинг май ойида оммага намойиш этилганди.
Маълум бўлишича, Қозоғистон бутун постсовет ҳудудида ҳеч ким қилмаган ишни қилмоқчи.
Учар таксилар тармоғини яратиб, бу турдаги нақлиётни мунтазам йўналишларда жорий этмоқчи.
"Қозоғистон бундай учиш воситалари учун бир платформа - майдонга айланди. Ушбу пойдевор асосида илғор технологиялар фаол ривожлантирилмоқда", - деб айтган Қозоғистон президентининг маслаҳатчиси Қуанишбек Есекеев.
Янги учар таксилар
Хабарларга кўра, бу учар таксилар ўзини ўзи бошқаради.
Анъанавий ёнилғи эмас, электр қуввати ёрдамида ҳаракатланади.
Икки ўринли, йўловчи ташишга мўлжалланган.
Айтилишича, бу турдаги такси 35 километргача уча олади.
Тезлиги эса соатига 130 чақиримга етиши мумкин.
Худди оддий такси хизматидек мобил илова ёрдамида ишлайди.
Расмийларга кўра, учар таксилар учун махсус вертипортлар ҳам ташкил этилади.
Уларни Олма-ота ҳамда Қозоғистон яратиш ҳаракатида бўлган рақамли ва смарт шаҳар - Алатауда барпо этиш кўзда тутилаётир.
"Жаҳон тажрибаси ушбу турдаги транспортни ривожлантиришнинг иккита асосий йўналишини кўрсатмоқда. Биринчиси — аэропортлар ўртасида ҳамда шаҳар ҳудудида, турли туманлар ўртасида қатновни йўлга қўйишдир. Биз Алатауда тўртта вертипорт барпо этишни режалаштирмоқдамиз. Шунингдек, Олма-ота шаҳрида вертипорт ташкил этиш бўйича Олма-ота халқаро аэропорти билан музокаралар олиб боряпмиз", - дейди Alatau Advance Air Group лойиҳаси раҳбари Данияр Утеулин.
Хабарларга кўра, йўловчилар жўнаш ва етиб бориш манзилларини ўзлари танлашади.
Парвозлар эса йўловчилар учун зарур шароитлар ва қувватлаш инфратузилмаси билан жиҳозланган махсус вертипортлардан амалга оширилади.
Аммо, айтилишича, дастлабки йўналишлар сайёҳлик ва кўргазмавий парвозларни кўзда тутади.
Парвозлар 5 дан 30 дақиқагача давом этади.
Кейинчалик эса учар таксилар тармоғи шаҳар нақлиёт тизимига қўшилади.
Аммо узоқ муддатли бу режанинг аниқ қачон амалга ошиши ҳозирча маълум эмас.
Хабарларга кўра, Қозоғистон ҳукумати энди шошилинч тиббий ёрдам, дори-дармон етказиб бериш, ёнғинга қарши ва юк ташишга мўлжалланган иловаларни ҳам кўриб чиқмоқда.
Қозоғистон минтақанинг энг йирик иқтисоди бўлади. Табиий энергия захиралари, айниқса, нефтга бой.
Қозоғистон яратиш ҳаракати бўлган Алатаунинг минтақада қиёси йўқ бўлиши айтилади.
Агар, интернетда имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, учар таксиларни ишга туширган, уларни ишлаб чиқиш устида фаол ишлаётган давлат ёки шаҳарларнинг ўзи дунёда бармоқ билан санарли.
Бу каби хабарларда уларнинг сирасида Хитой, АҚШ, Янги Зеландия, Сингапур, Дубай, Сеул ва Лос-Анжелес тилга олинади.
Учар таксининг нимаси яхши?
Агар, имконли бўлган маълумот ва хулосаларга таянилса, учар таксиларнинг фойдаси оз эмас.
Айтилишича, учар таксилар шаҳарлардаги тирбандликни енгиллаштириб, тез ва самарали муқобил ечимни таклиф қила олади.
Бу каби нақлиёт воситаларининг яна бир афзаллиги - улардан аксарияти электр қуввати ёрдамида ҳаракатланади. Кам зарарли чиқинди чиқаради ва ҳавонинг сифатини яхшилашга ёрдам беради.
Бундан ташқари, улар бориш қийин бўлган ҳудудларни ўзаро боғлаб, ҳаракатланишни осонлаштириши ҳам мумкин.
Қозоғистоннинг ҳудуди улкан. Йирик шаҳарлари кўп. Аҳолиси эса минтақада Ўзбекистондан кейин энг йириги.
Агар, яқинда эълон қилинган айрим маълумотларга таянилса, ҳудудининг катталиги бўйича Қозоғистон ҳатто дунёда юқори ўнталикка ҳам киради.
Тирбандлик ва ҳавосининг сифати эса бугун минтақадаги айрим йирик шаҳарлар ҳам юз тутиб турган энг оғриқли муаммолардир.
Аммо, маълум бўлишича, учар таксиларни яратиш ва ишлаб чиқариш қиммат.
Шу боис, уларнинг кенг истеъмолга кириб келиши осон бўлмайди.