Пул, паспорт ёки босим: ўзбекистонликлар Россия армиясига қандай қўшилмоқда?

Россия армияси аскарлари
Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Украинанинг "Хочу жить" - "Яшашни истайман" лойиҳасига кўра, 2022 йилдан 2026 йил 1 октябригача Украинадаги урушда қатнашиш учун Россия армияси билан шартнома имзолаган 8 207 нафар Ўзбекистон фуқароси аниқланган.

Бу лойиҳа қайд этган марказий осиёлик шартномачиларнинг 40 фоизини ташкил этади. Минтақа давлатлари орасида энг катта кўрсаткич Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

Лойиҳа маълумотлари Stop Russian Recruiters сайтида эълон қилинган. Gazeta.uz ҳам 20 октябрда минтақа журналистлари учун ўтказилган брифингда тақдим этилган рақамларни келтирган.

Уларга кўра, Россия армияси билан шартнома имзолаган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари жами 20 437 нафар. Ўзбекистондан ташқари, ҳисобда 5 308 нафар Тожикистон, 3 819 нафар Қозоғистон, 2 219 нафар Қирғизистон ва 884 нафар Туркманистон фуқароси бор.

Лойиҳага кўра, Россия армияси билан шартнома имзолаган қарийб 46 минг хорижлик аниқланган. Уларнинг 44 фоизи Марказий Осиё давлатлари фуқароларидир.

Лойиҳа вакилининг айтишича, Россия фуқаролигига эга, асли марказий осиёлик шахслар бу ҳисобга киритилмаган.

Бу рақамлар шартнома имзолаганлар сонини билдиради. Уларнинг барчаси ҳозир фронтда ёки асирликда эканини англатмайди.

"Яшашни истайман" Россия армиясидаги ҳарбийларга Украина томонига ихтиёрий таслим бўлишда ёрдам берадиган давлат лойиҳасидир. У Украинанинг Ҳарбий асирлар масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи штабига қарашли бўлиб, Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ишлайди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Пул ва паспорт ваъдасидан таҳдидгача

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

"Яшашни истайман" лойиҳасига кўра, хорижликларни Россия армиясига пул ва фуқаролик ваъда қилиб, алдаб ёки мажбурлаб жалб қилишади.

Ёлловчилар ойига 2–3 минг доллар маош ва имтиёзлар ваъда қилади. Айримлар пул ишлаш учун ихтиёрий рози бўлади. Бошқаларга эса оддий иш таклиф қилиниб, жангга юборилиши айтилмайди. Шартнома имзолангач, улар қисқа ҳарбий тайёргарликдан кейин фронтга жўнатилади.

Лойиҳа марказий осиёлик муҳожирларни таҳдид билан шартнома имзолашга мажбурлаш ҳолатлари ҳам кўп учрашини айтмоқда. Унинг маълумотларига кўра, рейдларда ушланган муҳожирларга қамоқ ёки депортация билан таҳдид қилинади. Бунинг ўрнига ҳарбий шартнома имзолаш таклиф этилади.

Лойиҳа асирлар ўртасида сўров ҳам ўтказган. Марказий осиёликларнинг шартнома имзолаш сабаблари ҳақидаги жавобларида Россия фуқаролигини олиш истаги 32 фоизни, қамоқдан чиқиш ёки жиноий таъқибдан қочиш 20 фоизни, пул ишлаш эса 10 фоизни ташкил этган.

Иштирокчилар бир нечта жавобни танлаши мумкин бўлган. Шунинг учун бу фоизлар одамлар сонидан эмас, жавоблар сонидан ҳисобланган. Сўровда неча киши қатнашгани очиқланмаган.

Тошкент аввалги маълумотларга нима деганди?

"Яшашни истайман" лойиҳаси 2025 йил апрелда ҳам Россия армияси сафида жанг қилган ёки қилаётгани айтилган 1 110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг рўйхатини эълон қилганди.

Ўшанда Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълумотлар ваколатли органлар томонидан текширилаётганини, улар тасдиқланса, тегишли чоралар кўрилишини билдирганди.

Ўша йил майда лойиҳа Ўзбекистон фуқаролари экани айтилган асирларнинг президент Шавкат Мирзиёевга видео мурожаатини тарқатган. Улар асирликдан озод этилиш ва ватанга қайтиш учун ёрдам сўрашган.

Ўзбекистон ТИВ ўшанда BBC'га видеонинг ҳақиқийлиги ва ундаги шахслар Ўзбекистон фуқароси экани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқлигини билдирганди.