Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
Россия армиясига жалб қилинган қозоғистонликлар қайтарилди. Ўзбекистонликлар-чи?
Қозоғистон жамоатчилигининг босими ортидан Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилишга мажбурланганини айтган 13 нафар фуқаро жанговар ҳудуддан олиб чиқилди.
Россия армиясига Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг турли йўллар билан жалб қилиниши ҳақидаги хабарлар эса Ўзбекистонда ҳам жиддий саволларни келтириб чиқармоқда.
Қозоғистон ҳукумати Россия армияси сафида жанг қилишга алданиб жалб этилганини айтган 13 нафар фуқаросини Украинадаги жанговар ҳудуддан қайтаришга муваффақ бўлди, деб ёзади BBC Monitoring.
Қозоғистон оммавий ахборот воситалари 21 октябрда хабар беришича, уларнинг айримлари аллақачон ватанга қайтарилган.
Ertenmedia Telegram канали буни мураккаб ва мисли кўрилмаган дипломатик ҳаракатлар натижаси деб баҳолади.
Ҳукуматнинг аралашувига ижтимоий тармоқларда тарқалган видео мурожаатлар ва жамоатчиликнинг кескин норозилиги сабаб бўлди. Россияга ишлаш учун борганини айтган йигитлар ҳарбий шартномаларни алдаш йўли билан имзолатишганини билдириб, ёрдам сўрашган.
"Биз Қозоғистоннинг барча халқидан ёрдам сўраймиз", деди улардан бири видео мурожаатида. "Бировнинг ерида жанг қилгандан кўра, ўз еримизда ўлганимиз афзал", дея қўшимча қилди у.
7 октябрда уларнинг қариндошлари Остонада намойиш ўтказди. Ижтимоий тармоқларда катта аудиторияга эга ҳуқуқшунос Мейрман Шекеев ҳам бу ишга аралашди. Унинг айтишича, Россия томонида жанг қилишга мажбуран юборилган камида 21 нафар қозоғистонлик ҳақида маълумот бор, аммо уларнинг сони бундан кўп бўлиши мумкин.
Бу воқеа жамоатчилик босими ҳукуматнинг ҳаракатларига таъсир кўрсатиши мумкинлигини намоён қилди. Шу билан бирга, Россия армиясига жалб қилинган бошқа Марказий Осиё фуқароларини қайтариш масаласи очиқ қолмоқда.
Россия Марказий Осиёдан одамларни қандай жалб қилмоқда?
Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери мустақил оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари ҳамда қамоқхоналардаги маҳбусларни Россия армиясига жалб қилиш ҳолатлари ҳақида хабар бериб келади.
Уларнинг айримлари катта пул, Россия фуқаролигини олиш ёки яхши ҳақ тўланадиган иш ваъдаларига ишонганини айтган. Бошқалар эса таҳдид, босим ва мажбурлаш орқали ҳарбий шартномаларни имзолашга ундашганини билдирган.
Россия армиясига жалб қилинган Марказий Осиё фуқаролари ва улар орасида ҳалок бўлганлар сони ҳақида расмий ва тўлиқ маълумот йўқ.
Украина томони қўллаб-қувватлайдиган "Хочу жить" ("Яшашни истайман") лойиҳаси маълумотларига таянган Exclusive.kz нашрининг 21 октябрдаги хабарига кўра, 2022 йилдан бери 151 мамлакатдан камида 45 959 киши Россия армияси билан шартнома имзолаган. Уларнинг 20 437 нафари Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бўлган.
Лойиҳа келтирган рақамларга кўра, улар орасида:
- 8207 нафар ўзбекистонлик;
- 5308 нафар тожикистонлик;
- 3819 нафар қозоғистонлик;
- 2219 нафар қирғизистонлик;
- 884 нафар туркманистонлик бор.
Бу рақамлар Россия армияси билан шартнома имзолаган деб кўрсатилган шахсларга тааллуқли. Уларнинг барчаси ҳозир фронтда ёки асирликда эканини англатмайди.
Exclusive.kz маълумотларига кўра, 2025 йилда Россия армиясига жалб қилинган Марказий Осиё фуқаролари сони 8497 нафарни ташкил этган. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса бу кўрсаткич 6043 нафар бўлган.
Нашр Россия томонидан жалб қилиш усуллари ҳам ўзгараётганини ёзади. Урушнинг дастлабки даврида юқори маош ва тўловлар ваъда қилинган бўлса, кейинчалик сохта иш эълонлари, муҳожирларга босим ўтказиш, калтаклаш ва қамоқ билан қўрқитиш каби усуллар ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Айни пайтда, Россия армиясига ёлланганларнинг ҳаммаси мажбурланган деб бўлмайди. Exclusive.kz маълумотларида Марказий Осиёдан борганларнинг тахминан ярми пул ёки Россия фуқаролигини олиш умидида ихтиёрий равишда шартнома имзолаган бўлиши мумкинлиги айтилган.
Россия расмийлари меҳнат муҳожирлари ва хорижликларни армияга мажбуран жалб қилиш ҳақидаги иддаоларни мунтазам рад этиб келади.
Ўзбекистонликлар ҳам ёрдам сўрамоқда
Россия армияси сафида жанг қилишга жалб этилган ўзбекистонликлар ҳақида ҳам бир неча бор хабарлар тарқалган. Айримлари Украинада асир тушганидан кейин Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиб, ватанга қайтаришда ёрдам сўраган.
2025 йил май ойида Украинадаги "Хочу жит" лойиҳаси олти нафар ўзбекистонликнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қилган видео мурожаатларини эълон қилди. Улар Россия томонида жанг қилган ва Украина асирлигида экани айтилган эркаклар бўлиб, оилалари бағрига қайтишга ёрдам беришни сўрашган.
Бу мурожаатлар ўзбекистонликларнинг хориждаги ҳарбий хизматга қандай жалб этилаётгани ва асирликда қолган фуқароларни қайтариш масаласига эътибор қаратди.
2025 йил октябрида эса 23 ёшли Акбар Қурбоновнинг иши жамоатчиликка маълум бўлди. У Россияга ишлаш учун борганини, кейин алданиб Россия армиясига жалб этилганини айтган. Украинада бўлган пайтида у Ўзбекистон ҳукуматидан ёрдам сўраган.
Унинг онаси Рўзигул Бобоева ҳам ўғлини қайтариш учун Ўзбекистондаги давлат идораларига мурожаат қилганини билдирган. У Ташқи ишлар вазирлигига қилган мурожаатларидан амалий ёрдам ололмаганидан шикоят қилган.
Ўзбекистонликлар иштирок этган урушнинг оғир оқибатлари ҳақида бошқа ҳикоялар ҳам бор. 2026 йил 7 октябрда BBC ўзбек хизмати Россиядаги қамоқ жазосини ўтаётган пайтида ҳарбий хизматга мажбуран жалб қилинганини айтган 38 ёшли ўзбекистонлик ҳақида материал эълон қилди.
Унинг айтишича, у билан бирга урушга юборилган 64 нафар ўзбекистонликдан фақат уч нафари қочиб, тирик қолган.
Бу каби ҳикоялар Россия армиясига жалб қилинган ўзбекистонликлар тақдири, уларнинг оилалари ёрдам олиш имконияти ва давлат идораларининг жавобгарлиги ҳақида саволларни ўртага қўяди.
Қозоғистондаги босим ва Ўзбекистоннинг чоралари
Қозоғистондаги воқеа жамоатчилик босими ва қариндошларнинг фаоллиги давлат идораларини ҳаракатга келтириши мумкинлигини кўрсатди. Бироқ Россия армиясига жалб қилинган фуқароларни қайтариш масаласи барча давлатлар учун бир хил ҳал этилган эмас.
Ўзбекистонда ҳам бу муаммо бўйича расмий огоҳлантиришлар берилган. 2025 йил май ойида Миграция агентлиги Россияда юқори маошли иш ва рўйхатдан ўтказишни ваъда қилувчи айрим эълонлар одамларни ноқонуний ҳарбий фаолиятга жалб қилишга қаратилган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Агентлик фуқароларни шубҳали таклифлар ҳақида тегишли идораларга хабар беришга чақирган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Ўзбекистонда хорижий давлатнинг ҳарбий ҳаракатларида ёлланма сифатида қатнашиш учун жавобгарлик ҳам мавжуд. 2025 йил 18 ноябрда эълон қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2022 йилдан бери хориждаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш билан боғлиқ 338 та жиноят иши қўзғатилган.
Шу билан бирга, Россия армиясига жалб қилингани ёки Украинада асир тушгани айтилган ҳар бир фуқаронинг иши алоҳида кўриб чиқилиши кераклиги айтилади.
Қозоғистонда фуқароларнинг оилалари ва жамоатчилик босими давлат идораларини фаол ҳаракат қилишга ундаётган бўлса, Ўзбекистонда бундай ҳолатларда қандай дипломатик ва ҳуқуқий механизмлар қўлланиши мумкинлиги очиқлигича қолмоқда.
Ҳозирча очиқ манбаларда Ўзбекистон ҳукуматига бундай мазмунда келиб тушган барча мурожаатлар, улар бўйича кўрилган чоралар ва қайтарилган фуқароларнинг умумий сонини кўрсатувчи тўлиқ маълумот йўқ.