Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
Ўзбекистонда шакар импортига квота киритиш бўйича ёпиқ қарор танқид қилинмоқда. Ундан ким зарар ва ким фойда кўради?
Ўзбекистондаги қатор сайтлар хабар қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мамлакатда шакар импортига квота жорий этиш ва маҳаллий заводларга солиқ имтиёзлари бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳужжат Lex.uz'да йўқ, лекин Spot.uz ва Gazeta.uz нашрлари қарорнинг нусхаси уларнинг ихтиёрида бор эканини айтган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги «Маҳаллий шакар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва шакар бозорини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 417-сон қарори «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) грифи остида жамоатчилик учун ёпиқ эканлиги айтилмоқда.
Ушбу қарор таҳлилчиларнинг кескин танқидларига сабаб бўлган бўлса-да, ҳукумат у ҳақида жамоатчиликка хабар ё изоҳ бермади.
Қарорга биноан, 2027 йилдан оқ шакар импортининг йиллик квотаси 300 минг тонна қилиб белгиланади. Шундан ичимликлар, қандолат маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун 100 минг тоннадан ажратилади.
Шунингдек, нашрлар хабар қилишича, давлат ташкилотлари ва корхоналари оқ шакар харид қилишда ўз эҳтиёжларини биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан қондириши керак бўлади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзлари берилиши ҳам назарда тутилган. Хусусан, қарорда маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзсаноатқурилишбанк олдидаги мавжуд кредит қарзларини тўлаш муддатини беш йилгача узайтириш, имтиёзли даврни эса икки йилгача белгилаш айтилгани хабар қилинди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Кредитларни қайтариш жадваллари шартлари ва фоиз ставкалари ҳам банкнинг амалдаги тариф ставкалари асосида қайта кўриб чиқилиши керак. Ҳамда, келгуси беш йилда Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси хомашё импорти билан боғлиқ хорижий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизини, бироқ 5 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорини қоплаб бериши назарда тутилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига эса бир ой муддатда Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини тайёрлаш топширилган. Маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларни фойда солиғидан озод қилиш ва мол-мулк солиғи ставкасини 2031 йил 1 январгача 50 фоиз миқдорида белгилаш таклиф этилаётгани хабар қилинди.
"Қарор бекор қилиниши керак" - танқидчилар фикри
Қатор шарҳловчилар ҳукуматнинг бу қарори маълум доираларни бойитиш мақсадида қилинаётганига ишора қилдилар. Би-би-сида бу қарордан айнан ким фойда кўриши мумкинлиги бўйича маълумот йўқ.
Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ёзишича, ҳукумат бу қарори билан
- рақобатни йўқ қилмоқда;
- монополиялар ва коррупция орқали бойиш манбаларини яратмоқда;
- солиқ тўловчилар ва харидорлар чўнтагидан амалдорларнинг коррупцион даромадлари ҳамда уларга яқин тадбиркорларнинг фойдасини молиялаштирмоқда;
- иқтисодиёт ва бизнес зиммасидаги солиқ, қарз ва маъмурий юкни камайтириш ўрнига уни сақлаб қолмоқда, ҳатто оширмоқда. Бу эса уларнинг рақобатбардошлигини йўқ қилмоқда.
"Нега ҳужжатга ХДФУ грифи қўйилган? Афтидан, унинг муаллифлари «унчалик тўғри бўлмаган иш» қилаётганларини тушунишади ва жамоатчилик бундан хабар топишини исташмайди", - деб ёзади Юсупов.
Унга кўра, Ўзбекистонда хориждан келтириладиган товарларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва маҳаллий корхоналарни хорижий рақобатдан ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий сиёсат, яъни 1996 йилдан бери амалга оширилаётган "импорт ўрнини босиш" сиёсати ўзини шу қадар обрўсизлантирдики, энди уни амалга оширишни яширишга тўғри келмоқда.
Юлий Юсупов бу сиёсат қуйидагича ишлашини даъво қилади:
"- Амалдорлар ўзларига яқин, имтиёзлардан фойдаланувчи бизнесменлар билан биргаликда (улар кўпинча ўша амалдорларнинг номидан иш юритувчи сохта эгалар бўлади) бирор нарсани ишлаб чиқариш бўйича «бизнес лойиҳа» ўйлаб топишади. Нима ишлаб чиқаришнинг аҳамияти йўқ: автомобил, чангюткич, ип-калава, сақич, шакар...
- Кейин бу лойиҳа «миллий тараққиёт», «маҳаллийлаштириш» (импорт ўрнини босиш), «экспортга йўналтириш» (гарчи ҳамма ҳеч қандай экспорт бўлмаслигини тушунса ҳам) каби давлат дастурларидан бирига киритилади. Лойиҳа учун турли имтиёзлар — солиқ, божхона, кредит, конвертация (1996–2017 йилларда) имтиёзлари ва бошқалар ундириб олинади. Шунингдек, давлат ва ярим давлат жамғармаларидан тўғридан-тўғри дотациялар ва субсидиялар ажратилади.
Бундан ташқари, импорт маҳсулотларига турли божхона тўловлари (божлар, импорт акцизлари, автомобиллар учун утилизация йиғими ва бошқалар) солинади. Импорт учун бошқа тўсиқлар ҳам жорий этилади: сертификатлаш, турли рухсатномалар, экологик талаблар ва ҳоказо. Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга мажбурий устуворлик берилади.
- Имтиёзлар ва дотациялар туфайли лойиҳа ишга тушади ва маълум вақт ишлайди.
- Имтиёзлар муддати тугагач, «маҳаллий ишлаб чиқарувчилар» рақобатга бардош бера олмаслиги, «маҳаллий ишлаб чиқариш» эса кўпинча импорт қилинган бутловчи қисмларни йиғишдан иборат экани маълум бўлади.
Шунда зудлик билан «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш» бўйича навбатдаги чоралар қабул қилинади. Эски имтиёзлар узайтирилади ва/ёки янгилари берилади, импорт йўлидаги тўсиқлар кучайтирилади ва ҳоказо.
Шакар саноати бундай бюрократик айланма жараёнларнинг яққол мисолидир.
Айнан мана шу иллатли сиёсат қашшоқлигимиз, иқтисодий самарасизлик ва улкан коррупциянинг асосий сабабидир."
Таҳлилчи Расул Кушербаев эса: "маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш харажатлари кимнинг зиммасига тушади", - дея савол қўйди.
«Шакар озиқ-овқат саноатининг асосий хомашёларидан бири. Импорт чекланса, маҳаллий заводлар эса ички талабни рақобатбардош нархларда тўлиқ қондира олмаса, ичимликлар, ширинликлар ва бошқа маҳсулотлар таннархи ошиши мумкин. Бу эса охир-оқибат истеъмолчи чўнтагига таъсир қилиши эҳтимолини юзага келтиради», - деб ёзди у ўз Телеграм каналида.
Унга кўра, агар мақсад маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўлса, натижа фақат заводларнинг молиявий аҳволи билан эмас, балки шакар нархи, маҳсулот сифати, бозордаги рақобат ва истеъмолчилар манфаати билан ҳам ўлчаниши керак.
«Ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш муҳим. Аммо бу жараёнда бошқа корхоналар ва оддий харидорлар манфаатлари ҳам четда қолмаслиги лозим. Бир вақтлар "Ангрен шакар" заводини монополияга айлантиришга уринишлар бўлганди. Ишқилиб яна шундай сценария бўлмасин-да" – дейди Кушербаев.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакировга кўра эса, "нормал давлатда бунақа зараркунанда ёпиқ қарорлар ошкор бўлиб қолгач", Қонунчилик палатаси ва Сенат, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси жим турмасди.
«Айтишларича, шакар импортини квоталашга айрим соғ миноралар охиригача қарши туришган, лекин тор чўнтакларнинг манфаатлари якунда барибир устун келган. Энг ачинарлиси, тўғридан-тўғри давлат манфаатларига зиён етказилишини била туриб ҳам бу ёпиқ қарорни қабул қилишдан тийилишмаган", - деб ёзади у.
Бакиров бу қарор туфайли давлат ғазнаси қандай зарар кўриши бўйича ўз ҳисоб-китобларини тақдим қилди.
«Масалан, квоталаш чекловидан кейин импорт йиллик ҳисобда ўртача 500 минг тоннага маъмурий қисқартирилади ва шакарнинг тоннаси 650 доллардан ҳисоб қилинса ҳам, давлат бюджети импорт божидан 65 млн.доллар ёки ўртача 770 млрд.сўм йўқотади.
Бу йўқотиш ҳаммаси эмас. Сувчилар, қандолатчилар ва бошқа ишлаб чиқарувчиларга нарх ошиши туфайли етказиладиган зарардан (табиийки, солиқ тушумларининг қисқариши ҳам) ташқари, давлат яна:
Зараркунанда "маҳаллийлаштирувчи" шакарчиларнинг кредитлари муддатини узайтириб зиён кўради (Ўзсаноатқурилишбанк тимсолида), бунинг ҳисобини ҳеч ким олгани йўқ.
Зараркунанда "маҳаллийлаштирувчи" шакарчиларнинг кредитлари учун фоиз тўловларини ярмини қоплаб зиён кўради (Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси тимсолида), бунинг ҳисобини ҳеч ким олганийўқ.
Зараркунанда "маҳаллийлаштирувчи" шакарчилар учун фойда солиғини бекор қилиб, мулк солиғини икки карра камайтириб, бюджет йўқотишларга учрайди, бунинг ҳисобиниям ҳеч ким олгани йўқ.
"Маҳаллийлаштирувчи" шакарчи тўданинг чўнтагига қанақадир пул оқимларини буриб юбориш учун, давлатга, иқтисодиётга — бизнесга, истеъмолчиларга триллионлаб (долларда юзмиллионлаб) зиён келтириш ва уятли ёпиқ қарорни қабул қилиш заруриятини изоҳлай олишмаса, асослай олишмаса, демак бу қарор бекор қилиниши керак.»