Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
Ўзбекистон Ислом молиясини қандай ривожлантирмоқчи? Видео
Ўзбекистон Марказий Банки раиси Тимур Ишметов айтишича, Ўзбекистон 2030 йилга бориб 10 та исломий банк очишни кўзлаяпти.
Бугунга келиб Ўзбекистон Ислом молияси ҳуқуқий асосларини шакллантиришдан янги молиявий воситаларни амалий татбиқ этиш босқичига ўтди, деди Тимур Ишметов.
Бунинг учун 2026-2030 йилларга мўлжалланган, беш йўналиш ва 39 та тадбирни ўз ичига олган йўл харитаси ишлаб чиқилган.
Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов Самарқандда бўлиб ўтган Ислом молиясига бағишланган халқаро форумдаги нутқида айтди.
Тимур Ишметов айтишича, Ўзбекистоннинг Исломий молияни ривожлантириш йўл харитаси қонунчиликни такомиллаштириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ислом банкинги учун зарур инфратузилмани яратишни назарда тутади.
Марказий Банк раиси сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 11 та микромолия ташкилоти Исломий молия хизматларини кўрсатаяпти.
Бу ташкилотлар Исломий молиянинг муробаҳа, ижара, мудораба ва мушорака деб номланган инструментларидан фойдаланадилар.
Марказий Банк раиси Ишметов таъкидлашича, мазкур йўналишни нобанк сектори орқали ривожлантириш маҳаллий бозор учун янги бўлган молиявий маҳсулотларни синовдан ўтказиш ва уларни қўллаш бўйича амалий тажриба тўплаш имконини берди.
Муҳим босқич сифатида 2026 йилда Ўзбекистонда Исломий банк фаолиятини жорий этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни имзолаган ва июн ойи охиридан кучга кирган ушбу қонун тўлақонли Ислом банклари, шунингдек анъанавий банклар таркибида Исломий банк хизматларини кўрсатадиган махсус бўлинмаларни ташкил этиш учун ҳуқуқий асос яратди.
Соҳани тартибга солиш мақсадида Марказий Банк Ислом молиясини бошқаришнинг икки поғонали моделини жорий қилди ва беш нафар аъзодан иборат Ислом молияси кенгашини шакллантирди.
Кенгаш тегишли стандартларга риоя этилишига кўмаклашиш, қарорлар сифатини ошириш ва хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Тимур Ишметов сўзларига кўра, Ўзбекистонда Ислом молиясига бағишланган қонунчиликни ишлаб чиқишда солиқ нейтраллиги механизмлари ҳам назарда тутилган.
Улар анъанавий ва Ислом молиявий операциялари тузилмасидаги ўзига хосликлардан келиб чиқадиган солиққа тортишдаги фарқларни бартараф этишга қаратилган.
Самарқанд шаҳрида 27-28 октябр кунларига мўлжалланган халқаро форум арафасида Ўзбекистон Марказий Банки "Оpen Bank" акциядорлик жамиятига Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган мамлакатдаги илк лицензияни берди.
Ривожланишнинг кейинги йўналиши сифатида сукук ҳамда бошқа исломий қимматли қоғозларни чиқариш учун ҳуқуқий базани яратиш белгиланган.
Ишметовнинг сўзларига кўра, ҳукумат «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири тайёрланган бўлиб, унда сукукка бағишланган алоҳида боб ҳам мавжуд.
Ҳужжат қабул қилиниши суверен ва корпоратив ислом облигацияларини чиқариш учун ҳуқуқий шароит яратиши керак.
Марказий Банк раиси Тимур Ишметов айтишича, Ўзбекистон, шунингдек, Ислом молияси соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ҳам кенгайтирмоқда.
2025 йилда Марказий Банк Ислом молиявий хизматлар кенгашига (IFSB), 2026 йилда эса Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилотига (AAOIFI) аъзо бўлди.
Ушбу ташкилотлар билан ҳамкорлик халқаро стандартларни ўрганиш ва илғор тажрибаларни Ўзбекистон бозори шароитига мослаштириш имконини беради.
Ишметов таъкидлашича, соҳанинг кейинги ривожланиши давлат органлари, халқаро молиявий институтлар, илмий ҳамжамият ва бозор иштирокчилари ўртасидаги мувофиқлашувни талаб қилади.
У эҳтимолий ҳамкорлар сифатида Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва AAOIFIни тилга олди.
Бу институтлар билан ҳамкорлик мутахассислар тайёрлаш, янги молиявий инструментларни жорий этиш ва амалий ечимларни ишлаб чиқишга қаратилади.
Марказий банк раҳбарининг таъкидлашича, асосий вазифалардан бири йўл харитасидаги тадбирларни ўз вақтида бажариш, масъул ташкилотлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва натижаларни мунтазам мониторинг қилиб боришдан иборат.